Эҳром боғлаган киши учун одатда ҳалол бўлган баъзи ишлар вақтинча ҳаром бўлади. Буларни билмаслик зиёратчини беихтиёр жиноятга олиб боради. Қуйида эҳромдаги кишига нима ман қилиниши — кийим, хушбўйлик, ов, никоҳ — ва аксинча, нима жоиз экани ҳадислар асосида баён этилган.
Кийим кийиш ва хушбўй суртиш
Эркаклар нима киймайди
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Эҳромдаги киши қайси кийимларни кияди?» деди.
«Кўйлаклар, саллалар, шалворлар, кулоҳлар, маҳсиларни киймайди. Аммо кийгани кавуш топмаса, маҳси кийиб, ошиғидан пастидан кесиб олсин. Заъфарон ва варас теккан кийимларни кийманглар», дедилар».
Шарҳ: Умуман олганда, эркак киши эҳромга кирганда тикилган нарса кийиши мутлақо мумкин эмас.
«Заъфарон» сариқ рангли ўсимлик бўлиб, уни кийимларга кўпроқ хушбўй нарса сифатида суртилган. «Варас» Яманда ўсадиган сарғиш-қизил ўсимлик бўлиб, у ҳам хушбўй нарса сифатида ишлатилган. Ҳаж ва умра қилувчи киши эҳром кийимига бу икки нарсани суртиши мумкин эмас.
Эҳромдаги эркак киши оёқларининг уст қисми очиқ бўлиши лозим. Шунинг учун кавуши йўқ одам маҳси кийишга мажбур бўлса, унинг ошиғидан пастини кесиб ташлаши лозим.
Кавуш ёки изор топилмаса
Бошқа бир ривоятда: «Ким кавуш топмаса, маҳси кийсин. Ким изор топмаса, шалвор кийсин», дейилган.
Шарҳ: Албатта, кавуш топмаган киши маҳсини ошиғидан пастидан кесиб, кияди.
Изор — эҳром боғлаган эркак киши киндигидан пастига тутадиган лунги. Изорни топмаган киши шалвор кийиб олса бўлар экан. Бунда ўша кийимнинг иложи борича изорга яқин бўлиши риоя қилинади.
Тўн кийиш ва соч-соқолни бўяш
Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронада умра ниятини қилиб бўлганларида соқоли ва бошини сариққа бўяган, чопон кийиб олган бир киши келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен умрага эҳром боғладим. Ўзим эса кўриб турганингиздек», деди.
«Устингдаги чопонни еч. Ўзингдаги сариқни юв. Ҳажингда нима қилсанг, умрангда ҳам шуни қил», дедилар».
Иккисини бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, умрада ҳам худди ҳаждаги каби эҳром боғланади ва ҳажга эҳром боғлаган кишига ҳаром бўлган нарсалар умрага эҳром боғлаган кишига ҳам ҳаром бўлади. Ушбу ривоят қаҳрамони каби тўн кийиш, соч-соқолни бўяш каби ишлар шулар жумласидандир.
Эҳромда вафот этган киши
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эди. Бас, туяси уни эҳромдаги ҳолида йиқитди. У ўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни сув ва сидр ила ювинглар. Икки (эҳром) кийими ила кафанланглар. Унга хушбўй суртманглар. Унинг бошини ўраманглар. Чунки у қиёмат куни «лаббайка» айтган ҳолида тирилтирилади», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда эҳромда юрганида ўлган одамга оид ҳукмлар баён этилмоқда:
- У сув ва сидр билан ювилади. Сидр юмшатиш хусусиятига эга бўлган ўсимлик бўлиб, Арабистонда маййит ювиладиган сувга қўшилади.
- Уни эҳром кийимлари билан кафанлаш афзал.
- Унга хушбўй нарса суртилмайди. Чунки у ўлимидан олдин ҳам хушбўй нарса ҳаром бўлган ҳолда эди.
- Унинг боши беркитилмайди. Чунки у ўлимидан олдин ҳам боши очиқ юриши лозим ҳолда эди.
- Унинг бу ҳолда ўлиши шарафлидир. У қиёмат куни «лаббайка» айтган ҳолда қайта тирилади.
Аёлларнинг эҳром кийими
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларни эҳромда қўлқоп кийишдан, ниқоб тутишдан ва заъфарон ҳамда варас теккан нарсани кийишдан наҳий қилганларини эшитдим.
Ундан бошқа яхши кўрган рангдаги кийимларини: бўялганми, ипакми, тақинчоқми, шалворми, кўйлакми, маҳсими кияверсин».
«Сунан» эгалари ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан аёлларнинг эҳром кийимлари эркакларникидан тамомила бошқача эканлиги яққол кўриниб турибди. Кийим хусусида эҳромдаги аёлга уч нарса ман қилинади:
1. Қўлқоп кийиш. Баъзи аёллар ўзларини беркитиш мақсадида ҳатто қўлларига қўлқоп кийиб олишади. Бу нарса эҳромдаги аёлга мумкин эмас. Эҳромдаги аёлнинг икки қўлининг бўғинидан пасти очиқ туриши керак.
2. Ниқоб тутиш. Баъзи аёллар тақво қилиб, юзларини ниқоб билан бутунлай тўсиб, фақат икки кўзларинигина очиб юрадилар. Бу нарса ҳам эҳромдаги аёлга мумкин эмас. Эҳромдаги аёлнинг юзлари берк бўлиши дуруст эмас.
3. Заъфарон ва варас суртилган кийим кийиш. Чунки заъфарон ва варас хушбўй нарсалардир. Эҳромдаги кишига бошқа хушбўй нарсалар қатори улар ҳам ман қилинган. Бу борада эҳромдаги эркаклар ва аёллар баробардирлар.
Аёл киши мазкур нарсалардан бошқа кийимларни кияверади.
Номаҳрам ўтганда юзни ёпиш
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бизнинг олдимиздан отлиқлар ўтарди. Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳромда эдик. Улар тўғримизга келганларида (ҳар) биримиз жилбобимизни бошимиздан юзимизга тушириб олардик. Улар биздан ўтиб кетганларида уни очардик».
Абу Довуд ва Ибн Можа солиҳ санад ила ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисдан эҳромдаги аёлларнинг бегона эркаклардан юзларини тўсишлари келиб чиқади. Бу ривоят Набий алайҳиссаломнинг азвожи мутаҳҳаротларига хос бўлиши ҳам мумкин.
Умуман олганда, аёл кишининг эҳромдалик чоғида юзи ва кафтларини тўсиши ҳаромдир. Фақат номаҳрам эркакларга дуч келиб қолгандагина юзини улардан олиб қочади.
Зарарсиз ов ҳайвонини ўлдириш
Аллоҳ таоло:
«Сизларга денгиз ови ва унинг таоми сиз ва йўловчилар баҳраманд бўлишингиз учун ҳалол қилинди. Модомики эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг», деган.
«Моида» сураси, 96-оят
Эҳромдаги инсоннинг сув ҳайвонларини ов қилиши ёки унинг таомидан истеъмол қилиши жоиз. Лекин: «Модомики эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди».
Яъни Аллоҳнинг амрига итоат қилмоғингиз зарур. Бу иш тақво билан бўлади. Шундай экан, қиёмат куни «Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг».
Мазкур ҳукм, яъни овнинг ёки бошқа яна баъзи бир ишларнинг ҳаром қилиниши фақат ҳаж ва умра замонигагина тааллуқли эмас. Балки баъзи маконларда доимий равишда жорий этилган. Шунингдек, айрим ойлар ҳам ҳаром қилинган.
Эҳромдаги киши учун қуруқликдаги ҳайвонларини овлаш ҳаромдир. Улар бу ишни қилишлари мумкин эмас.
Ҳадя қилинган ов қайтарилгани
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Саъб ибн Жассома Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёввойи эшакни ҳадя қилди. У зот эҳромда эдилар. Уни қайтардилар ва: «Агар эҳромда бўлмаганимизда уни сендан қабул қилар эдик», дедилар».
Шарҳ: Зебра номли ҳайвон араб тилида «ёввойи эшак» деб аталади. Саъб ибн Жассома розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот эҳромдалик чоғларида ёввойи эшакни ҳадя қилган экан. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом эҳромда эканликларини ва бу ҳадяни олишдан узрли эканликларини тушунтирган эканлар.
Бошқа бир ривоятда: «У зотга ов ҳайвонининг бир аъзоси ҳадя қилинди. У зот уни қайтардилар ва: «Биз уни емаймиз, биз эҳромдамиз», дедилар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисдан эҳромдаги одам ўзи овламаган бўлса ҳам бошқа кишилар овлаган нарсалардан манфаатланиши, унинг гўштидан ейиши мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Кейинги ривоятдан эса ўша бошқа одам эҳромда бўлмаса, унинг овидан ейиши мумкинлиги равшан бўлади. Эҳромдаги одам ов қилса, унинг ўзи ҳам, бошқа эҳромдаги кишилар ҳам у овдан ейишлари мумкин эмас.
Қачон ов ҳалол бўлади
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики у (ов)ни ўзингиз овламаган бўлсангиз ёки сиз учун овланмаган бўлса, сизга эҳромдаги ҳолингизда қуруқлик ови ҳалолдир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. Шофеъий бу ҳадисни «Ушбу бобга оид энг яхши ҳадисдир», деганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисдан эҳромда бўлмаган киши овлаган овни эҳромдаги киши еса бўлади деган маъно келиб чиқади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича ов эҳромдаги кишига ҳалол бўлиши учун уни эҳромли одам овламаган ва пиширмаган бўлиши, бу ишларнинг ҳаммасини эҳромда бўлмаган одам қилган бўлиши шартдир.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар Абу Қатода розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Ҳудайбия йили одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан умрага эҳром боғладилар. Фақат менгина эҳром боғламадим. Бир ёввойи эшакни овладим. Уни шерикларимга таом қилиб бердим. Улар эҳромда эдилар.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказдим ва бизда унинг гўштидан яна борлигини айтдим. У зот «Уни енглар», дедилар. Улар эҳромда эдилар».
Чигиртка — денгиз ови
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж ёки умра учун чиқдик. Олдимиздан чигиртка тўпи чиқиб қолди. Биз уларни қамчиларимиз ва асоларимиз билан ура бошладик.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни енглар. У денгиз овидандир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадисдан эҳромдаги одам чигирткани ейиши мумкинлиги маълум бўлмоқда. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу ҳадиси шарифда таъкидлаётганларидек, чигиртка қуруқлик ҳайвони эмас, денгиз ҳайвони қаторига киради.
Ўлдирилиши мумкин бўлган зараркунандалар
Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳайвонлардан бештасини қатл қилса, ҳараж эмас. (Улар) ола қарға, калхат, сичқон, чаён ва қутурган ит», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Беш фосиқ ҳил (ҳарам ташқариси)да ҳам, ҳарамда ҳам қатл қилинади. (Улар) илон, ола қарға, сичқон, қутурган ит ва калхат», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Фосиқ» сўзи «чегарадан чиққан» маъносида ишлатилади. Ушбу икки ривоятда номи зикр қилинган ҳайвонлар доимий равишда зараркунандалик қиладиган ҳайвонлардир.
Уларнинг ёмонлигидан сақланиш мақсадида уларни ҳарамда ҳам, ҳарамдан ташқарида ҳам, эҳромдалик чоғда ҳам, эҳромда бўлмаган чоғда ҳам ўлдиришга рухсат берилган.
Демак, эҳромдаги киши мазкур зараркунанда ҳайвонларни ўлдирса, ибодатига путур етмайди.
Никоҳ
Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отамнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эҳромли киши никоҳланмайди, никоҳламайди ва совчи қўймайди», деганларини эшитганман».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдаги кишига никоҳ бобидаги уч нарсани ман қилмоқдалар:
1. Никоҳланиш. Эҳромдаги кишига никоҳдан ўтиши мумкин эмас. Бошқача қилиб айтганда, хотин олиш ёки эрга тегиш мумкин эмас. Ҳанафийлар «Ақди никоҳ қилса бўлади, аммо бирга яшамай туради», деганлар.
2. Никоҳлаш. Эҳромдаги киши бошқа бировнинг никоҳида вакил, валий ёки шунга ўхшаш никоҳ ишларида ҳал қилувчи киши сифатида иштирок этиши мумкин эмас.
3. Совчи қўйиш. Эҳромдаги киши бирор аёлга уйланмоқчи бўлиб, ўзи гап очиши ва ёки биров орқали муомала қилиши мумкин эмас. Уламоларимиз «Эҳромдаги кишининг совчи қўйиши макруҳ», деганлар.
Маймуна онамизга уйланиш масаласи
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдалик ҳолларида Маймунага уйландилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳанафийлар аввал ҳам айтиб ўтилганидек, айнан ушбу ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб, «Эҳромдаги киши ақди никоҳ қилса бўлади, аммо бирга яшамай туради», деганлар.
«Саъийд ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос бу борада хато қилган. У бу ҳадиснинг ровийларидан ёлғиз ўзи ажраб чиққан. Уларнинг ичида Абу Рофеъ ва Маймунанинг ўзи ҳам бор.
У киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сарифда менга уйланганларида иккимиз ҳам эҳромда эмас эдик», деган».
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Сариф — Маккаи мукаррамадан Фотима водийсига қараб юрганда олти мил узоқликдаги жойнинг номи. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматчилари бўлиб, у зотнинг Маймуна онамизга уйланишларида элчилик қилганлар.
Демак, Маймуна онамизнинг эътироф этишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ул муҳтарамага уйланганларида икковлари ҳам эҳромда бўлмаганлар.
Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга эҳромсиз ҳолларида уйланганлар, эҳромсиз ҳолларида қўшилганлар. У киши розияллоҳу анҳо Сарифда вафот этганлар ва у зот билан бирга бўлган жойга дафн қилинганлар», дейилган.
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизга ақди никоҳ қилганларида ҳам, у кишининг олдиларига кирганларида ҳам эҳромда бўлмаганлар.
Эҳромли кишига ғусл, қон олдириш ва сурма қўйиш жоиз
Ғусл қилиш
Абу Аюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эҳромдалик ҳолларида ғусл қилаётганларини кўрдим. У зот бошларини икки қўллари билан ишқаладилар, — деди ва икки қўлини олдинга олиб бориб, орқага қайтарди-да: — У зотнинг шундай қилаётганларини кўрдим», деди».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисдан эҳромдаги кишининг ғусл қилиши, бошини ювиши мумкинлиги маълум бўлади. Албатта, бу ишлар эҳтиёт бўлиб, бадандаги тукларни тўкиб юбормасдан амалга оширилади.
Қон олдириш ва даволаниш
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдалик ҳолларида Лаҳйи Жамалда бошларининг ўртасидан қон олдирдилар».
Бешовлари ривоят қилганлар. Абу Довуд «Ўзларидаги дард сабабли» жумласини зиёда қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисдан эҳромдаги киши қон олдириши жоиз эканлиги келиб чиқади. Бошқа муолажаларни ҳам шунга қиёс қилиб олса бўлади.
Кўз оғриғини даволаш
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эҳромдаги икки кўзида оғриқ бор киши уларни алое билан артади», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Уламоларимиз эҳромдаги кишини даволаш алоега ўхшаш аччиқ нарса билан бўлиши шартлигини, муаттар (хушбўй) нарса билан бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаганлар.
Амалий эслатма. Эҳром тақиқларининг кўпчилиги билмасдан бузилади: хушбўй совун ёки шампун ишлатиш, дезодорант суртиш, тикилган кийим кийиш. Гуруҳ раҳбаримиз эҳром боғлашдан олдин брифинг ўтказади ва ҳидсиз совун каби майда нарсаларни олдиндан эслатади. Саволингиз бўлса — сўрашдан тортинманг.