Мадинаи мунаввара — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Ислом давлати шаклланган ва у зотнинг муборак қабрлари жойлашган шаҳар. Ҳадисларда бу шаҳарнинг фазли ҳақида кўплаб маълумотлар келган.
Қуйида Мадинанинг номлари, сифатлари ва унга берилган башоратлар ҳақидаги ҳадислар келтирилган.
«Тоба» — покиза шаҳар
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган», дедилар».
Шарҳ: «Тоба» — «яхши», «покиза», «хушрўй» каби бир-бирига яқин маъноларни ўзида мужассам қилади.
«Шаҳарларни ейдиган шаҳар»
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳарларни ейдиган (енгадиган) шаҳарда туришга амр қилиндим. Уни Ясриб дейдилар. У Мадинадир. У (ёмон) одамларни худди босқон темирнинг кирини сургун қилгандек, сургун қилади», дедилар».
Иккисини икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Мадинаи мунаввара Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг даврларида Ислом давлатининг маркази бўлганлиги, шаҳар-қишлоқлар бирин-кетин унга қарам бўлганлиги сабабли у «шаҳарларни ейдиган шаҳар» деб васф қилинган.
Ёмон одамлар Мадинаи мунавварада истиқомат қилиш имконига эга бўлмаганликлари учун у «одамларни сургун қиладиган шаҳар» деб ҳам аталган.
Мадина — темирчининг босқони
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга Ислом учун байъат қилди. Эртасига у иситмалаган ҳолда келди ва: «Мени байъатдан бўшатинг», деди. У зот уч марта бош тортдилар. Сўнг аъробий чиқиб кетди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадина худди босқонга ўхшайди. У зангини кўчириб, яхшисини мусаффо қилиб туради», дедилар».
Шарҳ: Мадинаи мунавварада ёмон одамлар истиқомат қилиши қийин. Аммо бу муқаддас шаҳарда яхши одамларнинг яшаши осонлашади.
Иймон Мадинага қайтади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, иймон Мадинага худди илон инига киргандек киради», дедилар».
Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Қиёматга яқин қолганда бошқа тарафларда иймон йўқолиб кетса ҳам, Мадинада сақланиб қолади.
Энг охири вайрон бўладиган шаҳар
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ислом шаҳарларидан энг охири вайрон бўладигани Мадинадир», дедилар».
Термизий ривоят қилган ва ҳасан деган.
«Масжидлар» бобида уч масжиднинг фазли ҳақида маълумотлар ўтган.