Мадинанинг ҳарами — чегаралари ва ҳукмлари | Centrum Асосий контентга ўтиш
Макка ва Мадина · 8 дақиқа ўқиш · 4 та ҳадис

Мадинанинг ҳарами — чегаралари ва ҳукмлари

Мадина ҳарами қаердан қаергача, Айр ва Савр тоғлари, икки ҳарра оралиғи ҳамда бу ерда нима ман қилингани ҳақида ҳадислар ва уларнинг шарҳи.

К

Centrum Holidays

Лицензияли умра оператори — UT 0023

Маккаи мукаррама сингари Мадинаи мунаввара ҳам ҳарам — ҳурмати сақланадиган, ўзига хос ҳукмлари бор муқаддас ҳудуд. Уни ҳарам қилган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдир.

Қуйида Мадина ҳарамининг чегаралари ва ҳукмлари ҳақидаги ҳадислар келтирилган.

Иброҳим Маккани, Набий Мадинани ҳарам қилдилар

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Иброҳим Маккани ҳарам қилди ва унинг аҳлини дуо қилди. Албатта, худди Иброҳим Маккани ҳарам қилганидек мен Мадинани ҳарам қилдим ва унинг сўсига ва муддига худди Иброҳим Макка аҳлига дуо қилганидек дуо қилдим», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мудд ҳам ўлчов бирлиги бўлиб, 544 грамм ёки 0,6875 литрга тенгдир. Тўрт мудд бир сўга тенгдир.

Ҳарамнинг чегараси — Айр билан Савр ораси

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким «Бизда Аллоҳнинг Китоби ва ушбу саҳифадан бошқа ўқийдиган нарсамиз бор», деб гумон қилса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди. Унда туяларнинг ёки жароҳат (етганда тўланадиган нарса)лар ҳақида гап бор.

Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадинанинг ҳарами Айр билан Савр орасидадир. Ким унда бир бидъат пайдо қилса ёки бидъатчига жой берса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни Аллоҳ ундан нафлни ҳам, фарзни ҳам қабул қилмайди.

Мусулмонларнинг зиммаси (омонлик бериши) бирдир. Уни уларнинг энг оддийси ҳам бера олади», деганлар».

Бошқа ривоятда: «Ким мусулмонга берган аҳдини бузса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни ундан нафл ҳам, фарз ҳам қабул қилинмас. Ким отасидан бошқанинг насабини даъво қилса ёки ўзини ўз маволийларидан бошқага тегишли деб билса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни Аллоҳ ундан нафлни ҳам, фарзни ҳам қабул қилмайди», дейилган».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги саҳифа — Али розияллоҳу анҳу қиличларининг қинига солиб юрадиган бир парча бўлиб, унда ҳадисда зикр этилган баъзи шаръий аҳкомлар ёзилган бўлган.

Айр — Мадинаи мунавваранинг жанубидаги тоғнинг номи. Савр — Мадинаи мунавваранинг шимолидаги тоғнинг номи. Бу тоғлар ҳарами маданийнинг жануб ва шимол томондаги чегараларидир. Ҳарами маданийнинг шарқ ва ғарб томондаги чегаралари келгуси ҳадиси шарифда зикр қилинади.

Икки ҳарра ораси ва ўн икки мил

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинанинг икки ҳарраси орасини ҳарам қилдилар. Агар мен унинг икки ҳарраси орасида кийикларни кўриб қолсам, уларни чўчитмайман. Яна Мадинанинг атрофидан ўн икки милни қўриқхона қилдилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳарра — Мадинада машҳур бўлган қотиб қолган лавадан иборат қора тошли икки минтақа.

Унда қон тўкилмайди, дарахт кесилмайди

Муслимнинг ривоятида: «Аллоҳим! Албатта, Иброҳим Маккани ҳаром қилди ва уни ҳарамга айлантирди. Албатта, мен Мадинани ҳаром қилиб, уни ҳарамга айлантирдим. Унинг икки тоғи орасида қон тўкилмайди. Унда қитол учун силоҳ кўтарилмайди. Унда дарахт алаф (ҳайвон озуқаси)дан бошқа нарса учун кесилмайди», дейилган».

Шарҳ: Қитол — уруш. Силоҳ — қурол.

Ўт-ўлани юлинмайди, ови чўчитилмайди

Абу Довуднинг ривоятида: «Унинг ўт-ўлани юлинмас, ови чўчитилмас ва тушиб қолган нарсасини (эгасини) изловчидан бошқа ололмас», дейилган».

Шарҳ: Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, ҳарами маккийнинг барча ҳукмлари ҳарами маданийга ҳам тўла жорий бўлади.

Манба «Ҳадис ва Ҳаёт: Ҳаж боби» Ҳадис рақамлари: 1594, 1596, 1598, 1600

Аниқ диний саволлар учун маҳаллий имом-хатиб билан маслаҳатлашинг ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатво марказига қўнғироқ қилинг: +998 78 150 33 44. Тасдиқланган манбалар: islom.uz, саволлар.islom.uz.

Бу мақола сизга фойдали бўлдими?

Аниқ саволларингизга 15 дақиқада жавоб берамиз — бепул маслаҳат

К

Centrum Holidays

Эълон қилинган: 3-август, 2026

Улашиш:

Умра ҳақида кўпроқ саволингиз борми?

Оператор сизга шахсий жавоб беради

Қандай усулда боғланишни хоҳлайсиз?

Маълумотларингиз хавфсиз сақланади

Ёки қўнғироқ қилинг

+998 77 193 99 99

Ҳар куни 09:00–21:00

Қўнғироқ Ёзиш